Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг Хорватия Республикасига ташрифига оид
2026-07-01 11:25:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида Хорватия ташқи ва Европа ишлари вазири Гордан Грлич Радман билан тор ва кенг доирада музокаралар ўтказилди. Томонлар сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвеститсиявий, транспорт-логистика, энергетика, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини йўлга қўйиш, шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, Ҳукуматлараро комиссияни ташкил этиш ҳамда ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди. Музокаралар якунида 2027–2028 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон ва Хорватия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги Ҳамкорлик дастури имзоланди.
Шунингдек, ТИВ раҳбари Дубровник форумида иштирок этиб, энергетика хавфсизлигига бағишланган панель сессиясида асосий маърузачи сифатида сўзга чиқди. Бу йилги форум “Кўп қутблилик даври: кўплаб йўналишлар, ягона келажак” мавзусида ўтказилаётгани билан алоҳида аҳамият касб этди. Тадбир доирасида энергетика хавфсизлиги, муҳим хомашё ресурслари, иқлим ўзгариши, сунъий интеллектнинг глобал тараққиётга таъсири каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида Қатар Давлати Ташқи ишлар вазирлиги Давлат вазири Муҳаммад бин Абдулазиз бин Солиҳ Ал-Хулайфий билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон–Қатар муносабатларини ривожлантириш, эришилган келишувларни амалий мазмун билан бойитиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни илгари суриш ҳамда ташқи сиёсий идоралар ўртасидаги мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Словения ташқи ва Европа ишлари вазири Тоне Кажзер билан учрашувда олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижроси, савдо-иқтисодий ва инвеститсиявий ҳамкорликни кенгайтириш, ҳукуматлараро, ишбилармонлик, гуманитар ва туризм соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Б.Саидов Грузия Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Мака Бочоришвили билан учрашув ўтказди. Томонлар бўлажак олий даражадаги тадбирлар кун тартиби ҳамда икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиб, ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади.
Ташриф якунида Хорватия Бош вазири Андрей Пленкович билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва эзгу тилаклари етказилди. Томонлар сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт-логистика соҳасидаги шерикликни ривожлантириш, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди.


