Тожикистон Республикаси Молия вазири билан учрашув бўлиб ўтди
2026-07-01 11:15:00 / Янгиликлар

Учрашувда Тожикистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Насриддин Исматулло, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов, вазир маслаҳатчиси Жасур Каршибаев ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги молиявий-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, давлат молиясини бошқариш соҳасида тажриба алмашиш ҳамда икки томонлама амалий алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарлари ўртасидаги самимий ва конструктив мулоқот, яхши қўшничилик ҳамда ўзаро ишонч руҳидаги муносабатлар икки мамлакат ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқаётгани, молия соҳасида эса амалий алоқаларни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратиб бераётганини қайд этдилар.
Учрашувда давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш, буджет жараёнларининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш ҳамда бошқа ҳамкорлик йўналишларида институционал тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, томонлар халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, минтақавий иқтисодий барқарорликни қўллаб-қувватлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳамда қўшни давлатлар ўртасида молиявий мулоқотни янада фаоллаштириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Тожикистон Республикаси Молия вазирлиги ўртасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди.

