Ўзбекистон ва Покистон ўртасида чорвачилик соҳасида йирик инвестициявий лойиҳа муҳокама қилинди
2026-06-30 10:45:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида GO Group компанияси Ўзбекистонда чорвачилик ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича тўлиқ циклли замонавий комплекс ташкил этиш режаларини тақдим қилди. Лойиҳа доирасида наслчилик, боқиш, ем-хашак ишлаб чиқариш, сўйиш ва гўштни қайта ишлаш жараёнларини қамраб олган йирик мажмуа барпо этиш кўзда тутилган.
Дастлабки босқичда 20–30 минг бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплекси қуриш, шунингдек экспортбоп маҳсулотлар учун совитиш, музлатиш ва қадоқлаш инфратузилмасини яратиш режалаштирилмоқда.
Компания вакиллари Ўзбекистонни Форс кўрфази давлатлари учун гўшт маҳсулотлари етказиб бериш базаси, шунингдек МДҲ ва Хитой бозорларига чиқиш учун стратегик логистика маркази сифатида баҳолашларини таъкидладилар. Шу билан бирга, картошка ва сабзавот маҳсулотларини қадоқлаш, қайта ишлаш ҳамда уруғчилик соҳасида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирилди.
Алоҳида таъкидланганидек, мазкур учрашувдан аввал GO Group делегацияси мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида бўлиб, замонавий чорвачилик комплекслари, фермер хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишди. Бу эса компаниянинг Ўзбекистон агросаноат салоҳиятига бўлган қизиқиши ва истиқболли ҳамкорликка интилишини яна бир бор тасдиқлайди.

