Ўзбекистон–IFAD: Аграр соҳадаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди
2026-06-29 11:45:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида аграр соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қиладиган истиқболли йўналишлар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда IFAD билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар натижалари ҳамда уларнинг қишлоқ ҳудудларини комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш, кичик ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва замонавий агротехнологияларни жорий этишдаги ўрни муҳокама қилинди.
Хусусан, “Агробизнес учун самарали ечимлар: юқори даромад, инвестиция ва барқарорлик” лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, инвеститсиявий муҳитни янада яхшилаш, инновацион ечимларни кенг татбиқ этиш, иқлим ўзгаришларига мослашувчан қишлоқ хўжалиги тизимларини ривожлантириш ҳамда рақамли технологияларни аграр тармоққа кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва IFAD ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ижобий натижалари эътироф этилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва IFAD ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда аграр соҳада илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

