Юртимизда UNICEF билан ҳамкорликда педиатрия хизмати ривожлантирилади
2026-06-25 09:45:00 / Янгиликлар

Таъкидланганидек, UNICEF билан ҳамкорликда мамлакатимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, иммунопрофилактика тизимини такомиллаштириш, соҳада рақамли технологияларни жорий этиш каби йўналишларда қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жамғарма кўмагида юртимизда вакциналарни сақлаш ва етказиб бериш тизими тўлиқ модернизация қилинди.
3 йил давомида она ва бола саломатлигини асраш ҳамда неонатал хизматни такомиллаштиришга қаратилган салмоқли ишлар амалга оширилди.
Хусусан,
231 та туғуруқ муассасаси 23 турдаги 7 мингдан ортиқ замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди;
80 минг нафардан ортиқ тиббиёт ходимларининг малакаси оширилди;
29 та акушер-гинекологик ҳамда янги туғилган чақалоқларни парвариш қилиш бўйича миллий протокол янгиланди;
4 миллион нафардан зиёд оналар ва болалар сифатли тиббий хизматлар билан қамраб олинди.
Мулоқот давомида келгусида педиатрия хизматини янада ривожлантиришга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ экани айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, UNICEF ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг ҳолати ва аҳолига хизмат кўрсатиш даражасини баҳолаш ишлари амалга оширилди. Бунда 400 та муассаса қамраб олиниб, улардаги инфратузилмадан бошлаб, инсон ресурсларигача ўрганиб чиқилди.
Йиғилиш якунида тўпланган маълумотларни биргаликда таҳлил қилиш ва келгусида ушбу муассасаларни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

