Бош вазир ўринбосари иштирокида сайёр қабул ўтказилди
2026-06-24 10:10:00 / Янгиликлар

Аҳолининг мурожаатларини тинглаш, фуқароларни йиллардан буён қийнаб келаётган долзарб муаммоларга амалий ечим топиш мақсадида Оҳангарон шаҳар "Оила ва хотин-қизлар" масканида навбатдаги кенг қамровли Сайёр қабул ташкил этилди.
Ушбу очиқ мулоқот ва қабул Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Махкамова бошчилигида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи, полковник Нилуфар Гиясова, Оҳангарон шаҳар ҳокими Садриддин Шоқосимов, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари-Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нилуфар Нормирзаева, Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқарма бошлиги ўринбосари Маъмура Абдуллаева ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.
Сайёр қабул давомида Оҳангарон шаҳрининг турли маҳаллаларидан келган фуқаролар ўзларини ўйлантираётган ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятига эга бўлдилар. Мурожаатларнинг асосий қисмини яшаш хонадонларини таъмирлаш, аёлларнинг шахсий бизнес ва тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш масалалари кўтарилди.
Мулоқот давомида ҳар бир фуқаронинг дарди ва таклифлари масъул ташкилотлар раҳбарлари иштирокида батафсил, атрофлича кўриб чиқилди. Аксарият мурожаатлар қонуний асосда жойида ижобий ҳал этилди.
"Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган ҳаётий тамойил асосида ўтган ушбу қабул, шаҳримиз аҳолисининг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.


