Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг Сингапур Республикасига ташрифига оид
2026-06-23 12:25:00 / Янгиликлар

Жумладан, “Temasek Holdings” бош ижрочи директори Дилхан Пиллай Сандрасегара билан учрашувда компаниянинг жаҳон инвестиция бозорларидаги катта тажрибаси ва узоқ муддатли ривожланишга йўналтирилган ёндашуви Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар билан ҳамоҳанг экани қайд этилди. Шунингдек, қатор йўналишларда амалий ҳамкорлик салоҳияти юзасидан фикр алмашилди.
Сингапурнинг барқарор ривожланиш ва атроф-муҳит вазири Грейс Фу билан музокараларда иқлим ўзгаришига қарши курашиш, “яшил” иқтисодиёт ва сув ресурсларини самарали бошқариш соҳаларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Сингапурнинг экологик барқарорликни таъминлаш ва инновацион ёндашувларни жорий этиш борасидаги илғор тажрибаси алоҳида қайд этилди.
Ташриф давомида Ўзбекистон ТИВ раҳбари Сингапур Республикаси ташқи ишлар вазири Вивиан Балакришнан билан учрашди. Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатлар муштараклиги асосида изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни кўпайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, олий даражадаги мулоқотларни давом эттириш, 2027 йилдаги дипломатик муносабатларнинг 30 йиллигига тайёргарлик ва долзарб халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Сингапур Республикаси Бош вазири Лоуренс Вонг билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва эзгу тилаклари етказилди. Томонлар иқтисодий тараққиёт, инновациялар ва инсон капиталини ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Таълим, рақамли трансформация ва молия йўналишларидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди.
ТИВ раҳбари Сингапур бизнес федерациясида мамлакатнинг етакчи ишбилармон доиралари ва йирик компаниялари раҳбарлари иштирокида давра суҳбати ўтказди. Тадбирда “Wilmar International”, “Indorama Corporation”, “Singapore Technologies Engineering”, “Meta”, “Franklin Templeton”, “StoneX”, “Meinhardt”, “Quest Ventures”, “Investbanq”, “Global Finance & Technology Network”, “TASCA” ҳамда бошқа компаниялар вакиллари қатнашди. Учрашув давомида сунъий интеллект, венчур инвестициялари, маълумотларни қайта ишлаш марказлари, “ақлли шаҳарлар”, рақамли инфратузилма ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Сингапур ишбилармон доиралари Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, қулай инвестиция муҳитини яратиш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва илғор технологияларни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни юксак баҳолади.

