Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги катта вице-президенти Ёшифуми Ёшикава билан учрашув бўлиб ўтди
2026-06-19 10:00:00 / Янгиликлар

JICA делегацияси таркибида Марказий Осиё ва Кавказ бўлими директори Кеничи Коно, JICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мамору Сакаи ҳамда бошқа вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон томонидан Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлари Отабек Фазилкаримов ва Умид Абидхаджаев, Иқтисодиёт ва молия вазирининг маслаҳатчиси Жасур Каршибаев ҳамда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги директори Зиёвиддин Бадриддинов иштирок этди.
Учрашув аввалида JICA иштирокида амалга оширилаётган “Ижтимоий биноларда энергия самарадорлигини ошириш” ҳамда “Саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаларини молиялаштиришга оид битимлар имзоланди. Мазкур лойиҳалар таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида энергия самарадор ечимларни жорий этиш, шунингдек, имтиёзли молиялаштириш механизмлари орқали саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашни назарда тутади.
Томонлар Ўзбекистон ва JICA ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболдаги устувор йўналишларини муҳокама қилдилар. Хусусан, иқтисодий-ижтимоий ривожланишни қўллаб-қувватлаш, техник кўмак дастурларини кенгайтириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, юқоридаги йўналишлар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтириш ҳамда белгиланган мақсадларга етиш тизимли ва самарали фаолият юритишга келишиб олди.
