Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида учрашувлар, музокаралар
2026-06-17 11:15:00 / Янгиликлар

Жумладан, Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги вакили Ҳусайн Ҳасанов, АҚШнинг Nobel Systems компанияси президенти Михаил Самуэл, RS Capital Engineering компанияси минтақавий директори Фалкенберг Фредерик, Ҳиндистоннинг Tech Wabag компанияси вице-президенти Ражеш Сингх, Нидерландиянинг Dynatec компанияси директори Герт Дам, Корея Республикасининг Aquaworks компанияси директори Ёнг Сунгхо, Саудия Арабистонининг Flowserve компанияси бизнесни ривожлантириш бўйича директори Султон Бохари, Франция тараққиёт агентлиги – AFDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Оливер Грандвоинет билан музокаралар олиб борди.
Учрашувлар давомида хорижий ҳамкорларга мамлакатимизда сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳани ривожлантиришга давлат раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани, шунингдек, сув хўжалиги тизимини модернизация қилиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилди.
Музокараларда сув инфратузилмасини янгилаш, ирригация тизимлари самарадорлигини ошириш, сув йўқотишларини камайтириш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда сув ресурсларини бошқаришда замонавий ёндашувларни кенг татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, насос станцияларини модернизация қилиш, энергия тежамкор насос агрегатлари ва электр двигателларини жорий этиш, мавжуд ускуналарнинг ишончлилиги ва хизмат муддатини ошириш, эксплуатация харажатларини қисқартириш ҳамда сув етказиб бериш тизимларининг барқарор фаолиятини таъминлаш юзасидан фикр алмашилди.
Молиявий институтлар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувларда ирригация ва мелиорация объектларини реконструкция қилиш, иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларини самарали бошқаришга қаратилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар сув хўжалиги соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, илғор хорижий тажриба ва замонавий технологиялар трансферини жадаллаштириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келгусидаги амалий ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олдилар.

