АҚШ–Ўзбекистон бизнес-форуми: инновациялар, инвестициялар ва ҳамкорликнинг янги имкониятлари
2026-06-17 10:30:00 / Янгиликлар

Рус ва инглиз тилларига синхрон таржима қилинган мазкур форум икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, стратегик муҳим тармоқларда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янги иш ўринларини яратишга қаратилди.
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ўзининг кириш сўзида шундай фикр билдирди:
“Бугун Тошкент халқаро инвестиция форумида АҚШнинг 193 та компанияси иштирок этаётгани - бу мутлақ рекорд ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар тарихидаги энг йирик Америка бизнес делегациясидир. Бу Америка бизнеси Ўзбекистонни нафақат бозор, балки узоқ муддатли сармоявий ҳамкор сифатида кўраётганининг ишорасидир”.
Кун тартибига кўра, мулоқот “Инновациялар, инвестициялар ва иш ўринлари: Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигининг янги имкониятлари” мавзусидаги юқори даражали панель сессияси ва “Fireside Chat” форматидаги муҳокама билан бошланди. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, АҚШнинг етакчи молия агентликлари ҳамда йирик Америка бизнеси вакиллари ўртасида конструктив ва амалий мулоқот ўрнатилди.
Ўз нутқи давомида АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC) бош директори Бен Блек қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:
“Марказий Осиё - 100 миллиондан ортиқ аҳолига эга жадал ривожланаётган минтақадир. Биз минтақанинг улкан салоҳиятини кўриб турибмиз ва АҚШ у билан фаол ҳамда узоқ муддатли ҳамкорликка тайёр ”.
АҚШ Экспорт-импорт банки (EXIM) президенти ва раиси Жон Ёванович банкнинг иштироки шерикликнинг молиявий-экспертлик компонентини кучайтириши ҳамда Америка технологиялари, ускуналари ва хизматларини Ўзбекистон хусусий секторига янада фаол жорий этишга хизмат қилиши ҳақида гапирди. У мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун ноёб имконият сифатида айни ҳозирги пайтнинг муҳимлигини таъкидлаб, Тошкент инвестиция форумида Америка компаниялари иштирокининг катта кўламига эътибор қаратди.
Форум дастурининг яна бир муҳим қисми сифатида "Муҳим фойдали қазилмалар ва илғор технологиялар: келажак саноат тараққиётининг пойдевори" мавзусига бағишланган махсус панель муҳокамалари ташкил этилди. Сессия давомида технологиялар, молиявий хизматлар, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги ва авиация соҳасидаги глобал корпорациялар раҳбарлари Ўзбекистон бозорида истиқболли лойиҳалар, технологик ечимларни жорий этиш ва узоқ муддатли саноат ривожланиши масалалари бўйича фикр алмашдилар.
FLSmidth катта вице-президенти Питер Фланаган тоғ-кон саноати Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши, халқаро ҳамкорлиги ва миллий фаровонлигини таъминлашнинг асосий йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, у мамлакатни модернизация қилиш ва индустриал ривожлантиришнинг жадал суръатлари, жумладан, OKMKдa MOF-3 мис бойитиш мажмуасининг ишга туширилиши мисолида янги имкониятлар яратаётганига ва бутун дунёдан халқаро ҳамкорларни жалб қилаётганига урғу берди.
Форум доирасида саноат, нефть-газ соҳаси, молия, авиация, геология-қидирув, сунъий йўлдош алоқаси ҳамда рақамли инфратузилмани ривожлантириш йўналишларида ҳужжатлар имзоланди.

