Малайзиянинг “Petronas” компанияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-06-16 12:05:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида нефть-газ ва газ-кимё соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар нефть-газ тармоғида амалга оширилган қўшма лойиҳалар натижалари, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш, углеводород ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш йўналишларидаги имкониятлар юзасидан фикр алмашдилар.
Шунингдек, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида геология-қидирув ишларини кенгайтириш, истиқболли углеводород конларини ўзлаштириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаларини ривожлантириш, шунингдек, “Petronas” университети негизида юқори малакали кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

