Берлинда касбий таълим соҳасида Ўзбекистон–Германия келишуви имзоланди
2026-06-15 15:50:00 / Янгиликлар

Мазкур ҳужжат икки мамлакатнинг ваколатли давлат органлари ўртасида айнан касбий таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган илк тизимли ҳамкорлик келишувларидан бири бўлиб, Ўзбекистон–Германия муносабатларини янги мазмун билан бойитишга хизмат қилади.
Келишув доирасида томонлар касбий таълим соҳасида илмий тадқиқотларни амалга ошириш, дуал таълим тизимини такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш, соҳани бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек қўшма лойиҳалар ва пилот ташаббусларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилади.
Ҳамкорликни самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон–Германия Қўшма ишчи гуруҳи ташкил этилади. Мазкур платформа икки мамлакатнинг таълим муассасалари, савдо-саноат палаталари, соҳавий уюшмалари, ташкилотлари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.
Келишув Германиянинг халқаро миқёсда эътироф этилган дуал таълим тажрибасини Ўзбекистонда кенг жорий этиш, иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш, битирувчиларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш ҳамда касбий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш учун мустаҳкам асос яратади.
Мазкур келишув Ўзбекистон ва Германия ўртасида таълим соҳасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ҳамда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган қўшма саъй-ҳаракатларнинг муҳим натижаси ҳисобланади.


