Ўзбекистон ва Малайзия қишлоқ хўжалигида ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўймоқда
2026-06-15 11:20:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва истиқболли йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида мавжуд ҳамкорлик алоқалари атрофлича таҳлил қилиниб, аграр тармоқнинг қатор муҳим йўналишлари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, мева-сабзавот ва қуруқ мева маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, интенсив боғларни барпо этиш, паррандачилик ва чорвачиликни ривожлантириш, шоличиликда илғор тажрибаларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, сунъий интеллект ва дрон технологияларидан самарали фойдаланиш, замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш бўйича ҳам истиқболли таклифлар кўриб чиқилди. Томонлар аграр соҳада инновацион ечимларни кенг қўллаш икки мамлакат қишлоқ хўжалиги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилишини таъкидладилар.
Мулоқот давомида Малайзия билан амалга оширилаётган лойиҳаларни мувофиқлаштириш, қўшма марказлар ва ваколатхоналар ташкил этиш, илмий-амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан ҳам таклифлар илгари сурилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, қўшма ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш ва аграр соҳада узоқ муддатли шерикликни янада мустаҳкамлаш борасида келишувга эришдилар.


