Туркиянинг «Anadolu Group» компанияси вакиллари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-06-12 11:00:00 / Янгиликлар

Учрашувда «Самарқанд Автомобиль заводи» МЧЖ ХК Бош директори Нешет Фатиҳ Вурал, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Акром Алиев, Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Соҳибжон Муродов ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Маълумот учун: «Anadolu Group» Туркиянинг йирик бизнес гуруҳларидан бири ҳисобланади. Компания чакана савдо, ичимликлар, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, энергетика, саноат ва бошқа йўналишларда фаолият юритади. Гуруҳ халқаро миқёсдаги фаолияти, ишлаб чиқариш тажрибаси, илмий-тадқиқот салоҳияти ва кўп тармоқли бизнес портфели билан ажралиб туради.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитиш, хусусан, машинасозлик саноати йўналишида янги лойиҳаларни илгари суриш, мавжуд ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда инвестиция ташаббусларини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашувда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, маҳсулот турларини диверсификация қилиш, маҳаллийлаштириш даражасини кучайтириш ҳамда саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича фикр алмашилди. Мазкур йўналишлар юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Мулоқотда хусусийлаштириш жараёнлари орқали иқтисодиётда хусусий сектор улушини изчил кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, томонлар янги истиқболли йўналишларда қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш, илғор бошқарув тажрибаси ва замонавий технологик ечимларни жалб этиш, маҳаллий корхоналар билан саноат кооперациясини чуқурлаштириш имкониятларини кўриб чиқди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни изчил давом эттириш ва амалий натижаларга қаратилган мулоқотни мунтазам равишда олиб боришга тайёр эканликларини билдирди.