Гиламдўзлик ортидан даромад: бухоролик тадбиркор аёл тажрибаси
2026-06-12 10:10:00 / Янгиликлар

Бугун миллий ҳунармандчилик санъат, балки оила фаровонлигини таъминловчи ҳақиқий даромад манбаига айланмоқда. Юртимизда аёлларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни барқарор даромад билан таъминлаш ва оилавий турмуш даражасини юксалтириш борасида мақсадли ишлар олиб борилмоқда. Шу йўлда миллий анъаналарни замона талаблари билан уйғунлаштирган, ўнлаб хотин-қизлар ҳаётини ўзгартирган ибратли тажрибалар алоҳида эътиборга лойиқдир.
Корхона раҳбари Сабина Бурханова ўз фаолиятини дастлаб уйда ўтирган 2 нафар хотин-қизни иш билан таъминлашдан бошлаган. Бугунги кунда эса бу ташаббус кенг қулоч ёзди: корхона қошидаги "Устоз-шогирд" мактабида 60 нафардан ортиқ қизга гилам тўқиш сири ўргатилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож 130 нафар ишсиз аёлнинг бандлиги таъминланди.
Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 838 минг долларни ташкил этади. Йилига 200 дан ортиқ ҳақиқий ипакдан тўқилган Бухоро гиламлари тайёрланиб, маҳсулотларнинг 100 фоизи хорижий сайёҳларга сотилади. Харидорлар географияси бениҳоя кенг: АҚШ, Австралия, Янги Зеландия, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, БАА, Бразилия, Хитой ва бошқа ўнлаб мамлакатларга етиб бормоқда.
Бош вазир ўринбосари корхонада меҳнат қилаётган аёллар билан суҳбатлашиб, уларнинг даромад даражаси, оилавий аҳволи ва эҳтиёжларини тинглади. Хотин-қизларни иқтисодий жиҳатдан мустақил қилиш, оилавий фаровонликни мустаҳкамлаш ҳамда бу каби оилавий корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.


