Бахт, бирдамлик ва тарбия мезонида сараланган оилалар
2026-06-11 10:00:00 / Янгиликлар

Шу мақсадда Янгийўл шаҳридаги Кўзи ожизлар жамиятига қарашли сиҳатгоҳда “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг Республика босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Тадбирда Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова иштирок этиб, барча қатнашчи оилаларни қутлади.
Шунингдек, мазкур тадбирда Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Н.Нормирзаева, мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган намунали оилалар иштирок этди.
Танлов давомида оилавий қадриятларни авлоддан авлодга етказиш, миллий анъаналарни асраб-авайлаш, фарзанд тарбиясидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда жамиятда соғлом оилавий муҳитни қарор топтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Якуний натижаларга кўра, Самарқанд вилояти вакили бўлган оила “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи” кўрик-танловининг Республика босқичи ғолиби деб топилди. Танлов иштирокчилари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Бундай танловлар оиланинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада юксалтириш, мустаҳкам ва намунали оилалар фаолиятини кенг тарғиб этиш ҳамда ёш авлодни миллий ва оилавий қадриятлар руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

