Бавария ҳукумати билан дуал таълим ва талабалар амалиёти бўйича ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгиланди
2026-06-11 09:25:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон делегацияси Бавария ўлкасининг Давлат канцеляриясига ташриф буюриб, Бавариянинг халқаро масалалар бўйича давлат вазири жаноб Эриc Байсвенгер билан расмий учрашув ўтказилди.

Бавария — Германиянинг энг кучли иқтисодий ҳудудларидан бири бўлиб, BMW, Audi, Siemens, Siemens, Airbus, Allianz, Munich Re, Adidas, Puma каби глобал компаниялар Баварияни Европанинг етакчи саноат, муҳандислик, тиббий технологиялар, аерокосмик ва молиявий марказига айлантирган. Бавария иқтисодиётининг яна бир кучли томони — Mittelstand, яъни кичик ва ўрта бизнес ҳамда дуал таълим тизимидир. Бу моделда ёшлар таълим муассасасида назарий билим олиб, бир вақтнинг ўзида компанияларда амалий тажриба орттиради.
Музокаралар натижасида қуйидаги келишувларга эришилди:
- Бавария ҳукумати кўмагида Ўзбекистон талабалари учун Бавария давлат идоралари ва ташкилотларида амалиёт дастурларини йўлга қўйиш;
- Ўзбекистон университетлари билан Бавария амалий фанлар университетлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш;
- дуал таълим, амалий муҳандислик ва саноат билан интеграциялашган таълим дастурлари бўйича тажриба алмашиш;
- Бавария компаниялари билан талабалар амалиёти ва қўшма лойиҳалар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш.
Ушбу учрашув Ўзбекистон ёшлари учун янги халқаро имкониятлар яратиш ва таълимни реал иқтисодиёт эҳтиёжлари билан боғлаш йўлида муҳим қадам бўлди.


