"Париж-2024": «Олимпия шаҳарчаси»да ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди
2024-08-01 13:55:00 / Янгиликлар

Кеча ўтказилган дзюдо мусобақаларида Давлат Бобоновнинг шов-шувли тарзда мағлубиятга учраши, камондан отиш баҳсларида илк бор иштирок этган спортчиларимизнинг кўрсаткичлари, боксчиларимизнинг навбатдаги босқичда ишончли ғалабага эришгани Париждаги «Олимпия шаҳарчаси»да фаолият кўрсатаётган Ўзбекистон делегацияси тезкор штабида ўтказилган ишчи гуруҳ йиғилишида муҳокама қилинди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, тегишли спорт федерацияларнинг мутасаддилари иштирокидаги муҳокамаларда Олимпия ўйинларининг ҳар бир беллашуви финал даражасида ўтаётгани таъкидланди.
Дастурда белгиланган спорт мусобақаларига спортчиларимизнинг ўз вақтида етиб бориши, зарур шарт-шароитлар яратиш, бевосита спорт майдонида қўллаб-қувватлаш, жамоаларимизнинг хавфсизлиги каби бир қатор масалалар хусусида сўз юритилиб, ҳар бир йўналиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.