Ўзбекистон делегацияси Баварияда дуал таълим тизими тажрибасини ўрганди
2026-06-10 14:50:00 / Янгиликлар

Делегация аъзолари Бавария иқтисодиёти ассотсиацияси қошидаги Миллий иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар департаменти раҳбари ва бош директори Фолькер Ляйнвебер билан мулоқот қилиб, Германиянинг дунёда энг самарали ва амалиётга йўналтирилган таълим моделларидан бири ҳисобланган дуал таълим тизимининг ҳуқуқий асослари, бошқарув механизмлари ҳамда таълим сифати назорати бўйича тажрибасини ўрганди.
Учрашув давомида талабаларни бир вақтнинг ўзида таълим муассасасида назарий билимлар ва ишлаб чиқариш корхоналарида амалий кўникмалар билан таъминлаш, малакани баҳолаш ва сертификатлаш тизими ўрни, корхоналар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш механизмлари ҳамда ушбу моделни Ўзбекистон шароитига мослаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, таълим тизми кадрларини тайёрлаш ва сертификатлаш, таълим дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш ҳамда битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш бўйича Бавария тажрибаси юзасидан фикр алмашилди.
– “Дуал таълим ёшларни замонавий меҳнат бозори талабларига мос равишда тайёрлаш, уларнинг касбий кўникмаларини ошириш ва бандлигини таъминлашнинг энг самарали воситаларидан биридир. Баварияда ўрганилган илғор тажрибаларни мамлакатимиз таълим тизимига босқичма-босқич жорий этиш устида ишлаймиз,” – деди Илхом Сираджев.
Учрашув якунида томонлар таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш ҳамда келгусида ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўйича дастлабки келишувларга эришдилар.

