Аграр ҳамкорликнинг янги уфқлари: инновациялар ва шериклик бир майдонда
2026-06-09 12:05:00 / Янгиликлар

Икки томонлама мулоқот чоғида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболдаги устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Томонлар аграр илм-фан, инновациялар, уруғчилик, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Учрашув якунида икки мамлакат қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 2026–2029 йилларга мўлжалланган Йўл харитаси имзоланди. Мазкур ҳужжат аграр илм-фан соҳасида тажриба алмашиш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш ҳамда инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, вазир “Ҳосилдан кейинги йўқотишларни камайтириш – озиқ-овқат таъминоти занжирида самарадорликни ошириш бўйича қишлоқ хўжалиги” Халқаро форуми доирасида ташкил этилган кўргазмада иштирок этди.
Кўргазмани Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Ибраҳим Юмакли ҳамроҳлигида кўздан кечириш жараёнида ҳосилдан кейинги йўқотишларни камайтириш, маҳсулотларни сақлаш ва логистика тизимларини такомиллаштиришга қаратилган замонавий технологиялар, инновацион ишланмалар ҳамда илғор ечимларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, вазир Иброҳим Абдураҳмонов форум доирасида ташкил этилган “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат савдосини тартибга солиш уйғунлиги, техник тўсиқлар ва кейинги авлод савдо сиёсати” мавзусидаги вазирлар панель сессиясида иштирок этди.
Сессияда глобал озиқ-овқат бозорлари, савдо муносабатларидаги замонавий ёндашувлар, техник регламентлар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур тадбирлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда замонавий аграр технологиялар алмашинувини жадаллаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли.


