Халқаро телекоммуникация соҳасида ҳамкорлик
2026-06-08 15:45:00 / Янгиликлар

Йиғилиш давомида халқаро телекоммуникация соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда халқаро ташкилотлар билан мувофиқлаштирилган фаолиятни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Халқаро электр алоқа иттифоқининг 2026 йилда бўлиб ўтадиган Ваколатли конференциясига тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон томонидан 2028 йилда Телекоммуникацияларни стандартлаштириш бутунжаҳон ассамблеясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш ташаббуси тақдимоти ўтказилди.
Шунингдек, мамлакатимиз томонидан 2027–2030 йиллар учун XEI Кенгашига ҳамда Радиорегламентар қўмитасига Ўзбекистон Республикаси номзодлари илгари сурилди.
Шу билан бирга, рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш, но-геостатсионар сунъий йўлдош тизимларини кенг жорий этиш ва уларни мобил алоқа тармоқлари билан интеграция қилиш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур йўналиш аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини юқори сифатли рақамли хизматлар билан таъминлаш, шунингдек, алоқа тармоқларининг барқарорлиги ва қамровини ошириш учун муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Йиғилиш иштирокчилари томонидан минтақавий телекоммуникация бозорини янада ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилиб, халқаро роуминг хизматларини такомиллаштириш, операторлараро ҳамкорликни кучайтириш ва чегаралараро телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек йиғилишнинг асосисй тартиби сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликка бағишланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан илгари сурилган Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича Минтақавий экспертлар кенгашини ташкил этиш масаласи муҳокама қилининди ва бу иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.
Шунингдек, “АI for Good” ташаббусининг минтақавий платформасини шакллантириш, давлат бошқаруви ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект ечимларини жорий этиш ҳамда сунъий интеллект учун тайёр статистик маълумотлар инфратузилмасини ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Йиғилишда Ўзбекистоннинг халқаро телекоммуникация ва рақамли ривожланиш соҳасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланди ҳамда мамлакатимизнинг минтақавий рақамли ҳамкорликни шакллантиришдаги фаол роли алоҳида қайд этилди.
Йиғилиш якунида халқаро ва ҳудудий ҳамкорликни ривожлантиришда қўшган ҳиссаси учун AS’HH ташкил этилганини 35 йиллиги муносабати билан Вазир Ш. Шерматов “Орден”, шунингдек вазирлик ва вазирлик тизимидаги раҳбар ва ходимлар орден, медаль ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.
Маълумот учун: 2022 йилда Алоқа соҳасидаги Ҳудудий Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг Алоқа маъмуриятлари раҳбарларининг кенгаши раиси этиб биринчи маротаба Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазири сайланган эди.


