Сув бўйича мулоқотлар халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади
2026-06-05 09:35:00 / Янгиликлар

Мазкур йирик халқаро анжуман атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, барқарор ривожланиш ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш соҳасидаги энг муҳим форумлардан бири ҳисобланади.
Тадбирда GEFга аъзо 186 давлат вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, молия институтлари, илмий доиралар, хусусий сектор ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этмоқда.
Ассамблея GEFнинг олий бошқарув органи бўлиб, ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади ҳамда глобал экологик сиёсат ва табиатни муҳофаза қилиш лойиҳаларини халқаро молиялаштиришнинг устувор йўналишларини белгилаб беради.
Ассамблея доирасида Eco Expo Central Asia 2026 халқаро кўргазмаси ҳам ташкил этилган бўлиб, унда атроф-муҳитни муҳофаза қилишга доир илғор технологиялар, сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги инновацион ечимлар, қайта тикланувчи энергетика, биологик хилма-хилликни асраш, иқлимга мослашув ва “яшил иқтисодиёт” йўналишидаги замонавий ишланмалар намойиш этилмоқда.
Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев ассамблея доирасида халқаро ҳамкорлар ҳамда хорижий давлатларнинг сув сиёсати учун масъул бўлган тегишли давлат органлари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Хусусан, Швейцариядаги CARITAS Switzerland ташкилотининг Марказий Осиёдаги минтақавий директори Шинан Кассам билан мулоқотда томонлар кўп йиллик ҳамкорлик натижалари, амалдаги қўшма лойиҳалар ҳамда сув ресурсларини бошқариш, гидрологик мониторинг, замонавий технологияларни жорий этиш ва сув хўжалиги ташкилотларининг институционал салоҳиятини ошириш борасидаги истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди.
Учрашувда Ўзбекистонда сув хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, тармоқни рақамлаштириш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда сувни тежовчи технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида CARITAS вакиллари томонидан Сув хўжалиги вазирлигига сув сарфини ўлчаш учун мўлжалланган портатив допплер қурилмаси топширилди. Мазкур қурилма гидрологик мониторингни янада такомиллаштириш ва сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Украина Давлат сув ресурслари агентлиги раҳбарининг ўринбосари Виктор Канцурак билан ҳам учрашув ўтказди.
Учрашувда томонлар сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича тажриба алмашдилар, сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштириш, автоматлаштирилган мониторинг тизимларини жорий этиш, гидротехник инфратузилмани модернизация қилиш, сувни тежовчи технологияларни ривожлантириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, кучайиб бораётган иқлимий чақириқлар ва сув хавфсизлигини таъминлаш зарурати шароитида халқаро ҳамкорлик ҳамда илғор тажриба алмашиш муҳим эканлиги таъкидланди.
Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Туркманистоннинг экология йўналишидаги тегишли идоралари раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказилди. Музокараларда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, трансчегаравий сув муносабатлари механизмларини такомиллаштириш, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш, сувни тежаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда Марказий Осиёда барқарор ривожланишга хизмат қиладиган қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.


