ТИВ раҳбарининг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди Администрацияси раҳбари билан учрашувига оид
2026-06-04 10:40:00 / Янгиликлар

Мулоқотда Гонконг раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи Ўзбекистон–Хитой ҳар томонлама стратегик шериклигини мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон билан Гонконг ўртасидаги алоқаларни янги мазмун билан бойитишга хизмат қилиши қайд этилди.
Музокаралар давомида инвестициялар, молия, рақамлаштириш, сунъий интеллект, транспорт ва логистика соҳаларидаги истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди.
Гонконгнинг халқаро молия ва бизнес маркази сифатидаги тажрибаси ҳамда салоҳияти Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш ва илғор лойиҳаларни рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.
Шунингдек, ҳудудлараро шерикликни ривожлантириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги бевосита мулоқотларни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув давомида Ўзаро визасиз режимни ўрнатиш тўғрисидаги ҳукуматлараро Битимни тузиш нияти бўйича Вербал ноталар алмашилди. Мазкур қадам фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиб, ўзаро алмашинувларни фаоллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.

