Ўзбекистон ШҲТ доирасида илм-фан ва инновациялар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ташаббусларини илгари сурди
2026-05-25 09:35:00 / Янгиликлар

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов иштирок этиб, мамлакатимизда илм-фан, инновациялар ва технологик ривожланиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маъруза қилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда илмий тадқиқотлар, инновацион фаолият ва стартап экотизимини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2025 йилда 824 та илмий лойиҳа молиялаштирилиб, 320 та илмий ишланма тижоратлаштирилди, 252 та янги технология яратилди ҳамда инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли ошди.
Шунингдек, вазир ўз нутқида ШҲТ давлатлари ўртасида қўшма илмий марказ ва лабораториялар ташкил этиш, ёш олимлар учун ягона академик мобиллик тизимини яратиш, илмий лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш ҳамда технологиялар трансферини кучайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди.
Тадбир давомида сунъий интеллект, биотехнологиялар, янги материаллар, энергетика ва рақамли технологиялар каби устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони ШҲТ маконида илмий-технологик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, инновацион ривожланиш ва барқарор тараққиёт йўлида очиқ ҳамда узоқ муддатли ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.

