Марғилонда “Янги Ўзбекистон” қурилиши бошланди
2024-07-23 09:30:00 / Янгиликлар
Улардан бири Марғилон шаҳрида “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши масаласидир. Бугун 35 минг аҳоли яшашига мўлжалланган “Янги Ўзбекистон” массивининг қурилишига тамал тоши қўйилди.
Қурилиш учун шаҳар чегарасидаги майдон танланди. Бу ерда Марғилон маҳаллаларидан оқсоқоллар, меҳнат фахрийлари тўпланди. Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ва вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров улар билан суҳбатлашди. Давлатимиз раҳбарининг марғилонликларга тилаклари етказилди. Сўнгра анъанага кўра, улуғ ният ижобати йўлида қуръон тиловат қилинди.
“Янги Ўзбекистон” массивининг биринчи уйи қурилишига тамал тоши қўйилди. Қудратли қурилиш техникалари ишга тушди.
Марғилоннинг “Янги Ўзбекистон” массиви 75 гектардан иборат бўлиб, унга 87 та кўп қаватли бинолар қурилади. Бу ерда 6012 та хонадон уй тўйи қилиши кутиляпти. Бундан ташқари, иккита мактаб, 6 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та оилавий поликлиника, 2 та лицей, бизнес маркази ҳамда савдо ва маиший хизмат мажмуалари жойлаштирилган.
–“Янги Ўзбекистон” массивида қурилиш ишларини бошлаш бизнинг ташкилотимизга насиб қилди, – дейди 296-ХКМК МЧЖ раҳбари Иномжон Абдуллаев. – Бу уйларнинг ҳар бири 12 қаватдан иборат бўлиб 44 та хонадон жойлаштирилади. Уларни арзон ва сифатли қилиб қурамиз ҳамда халқимизга топширамиз.
Очилбой Раматов вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ва қурувчиларга “Бурҳониддин Марғиноний халқаро илмий маркази” ҳудудидаги қурилиш ишларини ҳам тезлик билан бошлаш топшириғини берди.
Лойиҳага кўра, 35 гектар майдонда илмий марказ, шоир ва санъаткорлар хиёбони, Ўзбекистонда ягона мақом театри, юридик институт, меҳмонхоналар, хиёбону сайлгоҳлар барпо этилади.
Қурилиш ишлари учун ҳукумат бир йил муддат берди. Шунингдек, аҳолига имтиёзли муддат ва кам фоизли ипотека кредити берилиши ҳам шу бугун расмий ҳужжатларга муҳрланди.