IWMI билан ҳамкорлик янги босқичда
2026-05-22 09:45:00 / Янгиликлар

Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев мамлакатимизга ташриф буюрган Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти Бош директори Марк Смит билан учрашув ўтказди. Учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Ўтган йили 16 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида Президентимиз Шавкат Мирзиёев минтақада сув танқислиги ортиб бораётганини ҳисобга олиб, 2026-2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилишни таклиф этган эди.
Жорий йилнинг 22 апрель куни Остонада ўтказилган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон раҳбари Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги ва минтақа мамлакатларида Сув ҳафталикларини мунтазам ўтказиб боришга қаратилган ташаббуслар қўллаб-қувватланишига умид билдирди.
Шавкат Мирзиёев қўшни мамлакатлар етакчиларини шу йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумида иштирок этишга яна бир бор таклиф этди.
Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти Бош директори билан учрашувда ана шу ташаббуслар доирасида ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, жаноб Марк Смит Ўзбекистон 2027-2029 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси раислигини қабул қилиб олиши билан қутлар экан, Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти бу даврда мамлакатимизни қўллаб-қувватлашини билдирди. Сув тежовчи технологиялар, рақамлаштириш масалаларида кўмак беришга тайёрлигини таъкидлади.
Учрашув самимий ва дўстнома руҳда ўтди.
IWMI вакиллари Сувчилар мактаби фаолияти билан ҳам танишди.
Маълумот учун: IWMI 1984 йилда ташкил этилган бўлиб, сув танқислигини камайтиришга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб боради, ҳукуматлар, хусусий сектор ва фермерлар билан ҳамкорликда амалий ечимлар ишлаб чиқади ҳамда жорий этади. Бугунги кунда институт дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритади. Унинг Марказий Осиё минтақавий офиси Тошкент шаҳрида жойлашган.


