Ўзбекистон ва Германия: олий таълим, тил сертификатлаш ва кадрлар тайёрлаш бўйича янги мақсадлар белгиланди
2026-05-21 11:45:00 / Янгиликлар

Унда икки давлат ўртасида таълим, тил сертификатлаш, касбий тайёргарлик ва малакали кадрлар тайёрлаш йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистоннинг 40 дан ортиқ олий таълим муассасалари Германиянинг 55 дан зиёд университет ва илмий-таълим ташкилотлари билан 110 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари ва меморандумлари асосида самарали алоқаларни йўлга қўйган.
Учрашувда Ўзбекистонда немис тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани ҳам алоҳида қайд этилди. Айни пайтда 23 та олий таълим муассасасида 2300 нафардан зиёд талаба немис тилини асосий тил сифатида ўрганмоқда. Шунингдек, 10 мингдан ортиқ талабалар немис тилини иккинчи тил сифатида ўзлаштирмоқда.
Сўнгги 4 йилда Германиядан 300 га яқин профессор-ўқитувчи ва 30 дан ортиқ делегация Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ташриф буюрган бўлса, мамлакатимиз олий таълим муассасалари раҳбарлари ва профессор-ўқитувчиларидан 250 дан зиёд вакил Германияда бўлиб қайтди.
Мулоқот чоғида тил сертификатлаш тизими, касбий таълим ва халқаро имтиҳонларни ташкил этиш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, таълим ва илмий алмашинувларни кенгайтириш ҳамда қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.

