Қишлоқ хўжалигида биочар ва карбон кредитлари тизимини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди
2026-05-19 09:25:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида пахта ғўза пояларини пиролиз технологияси асосида қайта ишлаш, биочар маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳамда карбон кредитлари тизимини ривожлантириш лойиҳасига оид муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Маълумки, мамлакатимизда ҳар йили миллионлаб тонна пахта ҳосили етиштирилади. Мазкур лойиҳа қишлоқ хўжалиги қолдиқларини самарали қайта ишлаш, атмосферага чиқарилаётган зарарли чиқиндилар ҳажмини камайтириш ҳамда фермерлар учун қўшимча даромад манбаларини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Шунингдек, лойиҳа доирасида биочар маҳсулотини ишлаб чиқариш орқали тупроқ унумдорлигини ошириш, иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш ва халқаро карбон кредитлари бозорига чиқиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашув давомида компания вакиллари томонидан ушбу йўналишдаги халқаро тажрибалар ҳамда истиқболли ҳамкорлик механизмлари юзасидан тақдимотлар ҳам ўтказилди.
Таъкидлаш лозим, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини қишлоқ хўжалиги соҳасига кенг жорий этиш экологик барқарорликни таъминлаш билан бирга, аграр тармоқда янги иқтисодий имкониятларни яратишда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Мулоқот якунида вазир кўриб чиқилган ташаббуслар юзасидан ўз фикрларини билдириб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бундай лойиҳаларни амалиётга жорий этишда ҳар томонлама амалий кўмак кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди.

