ТРАСЕКА Бош котиби лавозимига Ўзбекистон вакили сайланди: Остонадаги йиғилиш якунлари
2026-05-15 14:55:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Махкамов, вазир ўринбосари Жасурбек Чориев ва ТРАСЕКАнинг Ўзбекистондаги миллий координатори Бекзод Холматов иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибидаги асосий масала — ташкилот Бош котиби лавозимига сайлов ўтказилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган номзод — Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ТРАСЕКА Бош котиби этиб сайланди.
Ушбу тайинлов Ўзбекистоннинг минтақавий транспорт интеграциясини ривожлантиришдаги фаол ролининг навбатдаги эътирофидир.
Ягона транзит рухсатномаси — транспорт ҳаракати учун «яшил йўлак»
Тадбирнинг муҳим амалий натижаси сифатида Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон ва Украина ўртасида «ТРАСЕКА ягона транзит рухсатнома бланкаси тўғрисида»ги Ҳукуматлараро Битим имзоланди.
Мазкур ҳужжат юк ташувчиларга битта рухсатнома бланкаси билан Битимга аъзо бир нечта давлатлар ҳудудидан ҳеч қандай қўшимча рухсатномаларсиз ўтиш имконини беради.
Бу маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ва транзит вақтини сезиларли даражада қисқартиришга хизмат қилади.
Стратегик ташаббуслар
Йиғилиш давомида Транспорт вазири Илҳом Махкамов нутқ сўзлаб, коридор жозибадорлигини оширишга қаратилган бир қатор муҳим таклифларни илгари сурди.
Жумладан:
- Транспорт жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш ва «қоғозсиз транзит»га ўтиш;
- Йўналишлардаги мавжуд чекловларни бартараф этиш; - Норматив-ҳуқуқий базани халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди;
- Ташкилот фаолиятига халқаро молия институтлари грантлари ва имтиёзли кредитларини жалб қилиш чораларини кўриш.
Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якунида минтақавий транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш ва ТРАСЕКА доимий котибияти фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тегишли қарорлар қабул қилинди.

