Ҳиндистон Миллий хотин-қизлар комиссияси раиси билан учрашув ўтказилди
2026-05-15 09:35:00 / Янгиликлар

Учрашув Осиё хотин-қизлари II форуми доирасида бўлиб ўтди.
Учрашув давомида меҳмоннинг Ҳиндистон Миллий хотин-қизлар комиссияси, шунингдек, Маҳараштра хотин-қизлар комиссияси раиси сифатидаги кўп йиллик самарали фаолияти — аёлларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, рақамли таълим, иқтисодий мустақиллик ва гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари юксак эътироф этилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги тарихий сиёсий, иқтисодий, маданий ва туризм алоқалари муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидладилар. Айниқса, икки мамлакат ўртасида фармацевтика, ИТ, энергетика, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги иқтисодий ҳамкорлик жадал ривожланаётгани, бу жараёнда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилди.
Учрашувда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида “Инсон қадри”ни улуғлаш тамойили асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани ҳақида сўз борди.
Ўзбекистонда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш сиёсати Барқарор ривожланиш мақсадлари, Пекин Ҳаракатлар платформаси ва бошқа халқаро стандартлар билан уйғун ҳолда амалга оширилаётгани маълум қилинди.
Учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро миқёсда эътироф этилаётгани алоҳида таъкидланди: Ўзбекистон Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида 43 поғона юксалиб 48-ўринга, Гендер тенглик ва бошқарув индексида (GEGI) эса 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди. Шунингдек, 2025 йилда қайд этилган 879,6 минг туғилиш кўрсаткичи мамлакатнинг демографик салоҳияти юқорилиги ва оила институтининг жамият ҳаётидаги мустаҳкам ўрнидан далолат бериши қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасида тажриба алмашиш, қўшма дастурлар ва форумлар ташкил этиш, аёллар лидерлигини ривожлантириш йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олдилар.
Суҳбат сўнгида бугунги мулоқот ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши ҳамда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашига ишонч билдирилди.

