Аграр соҳада халқаро ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда
2026-05-14 09:45:00 / Янгиликлар

Жумладан, вазир Иброҳим Абдураҳмонов Полша Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш вазирлиги Давлат котиби Ятсек Черняк билан учрашув ўтказди. Унда икки давлат ўртасида аграр соҳадаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, мавжуд лойиҳалар самарадорлигини ошириш ҳамда янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида ветеринария, чорвачилик ва фитосанитария йўналишларида олиб борилаётган ишларни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда мутахассислар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик имкониятлари кенг муҳокама қилинди.
Томонлар илм-фан ва инновациялар аграр соҳа ривожининг асосий омилларидан бири эканини қайд этиб, бу борадаги алоқаларни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Шунингдек, вазир Иброҳим Абдураҳмонов Тожикистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Қурбон Ҳакимзода билан ҳам учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги аграр соҳадаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати атрофлича таҳлил қилиниб, уни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама марказида бўлди. Томонлар ўзаро манфаатли лойиҳаларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни фаоллаштириш юзасидан фикр алмашдилар.
Алоҳида эътибор чегара ҳудудларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш масалаларига қаратилди. Хусусан, мева-сабзавот, дон ва дуккакли экинлар, ҳамда мойли экинларни қайта ишлаш, замонавий уруғчилик тизимини жорий этиш, илмий ёндашувлар ва инновацион технологияларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш бўйича истиқболли ташаббуслар илгари сурилди.
