Хитой билан таълим соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
2026-05-13 16:15:00 / Янгиликлар

Ташрифнинг учинчи куни Шанхай шаҳрида соҳа истиқболини белгиловчи стратегик келишувлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан мулоқотларга бой бўлди.
Хусусан, ЮНЕСКОнинг II тоифали “Ўқитувчилар таълими маркази” (ТЕC) бош директори Чжан Минхсюан билан мулоқот бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО шафелиги остидаги II-тоифали “Мактабгача таълимни ривожлантириш минтақавий маркази”ни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзолашга ва пойтахтимизда педагогларнинг профессионал ривожланишига хизмат қилувчи “Педагог мақомини юксалтириш қўшма маркази” ташкил этилиши бўйича келишиб олишди.
Шунингдек, Сяошан туманидаги давлат инновацион боғчаси фаолияти ўрганилди. Унда рақамлаштириш тизимлари ва ўйин орқали ўқитиш методикаларини мактабгача таълим муассасаларимизга татбиқ этиш масалалари таҳлил қилинди.
Энг муҳим янгиликлардан бири — 2026 йил сентабр ойидан бошлаб ўқитувчи ва талабалар учун қисқа муддатли халқаро алмашинув дастурларининг йўлга қўйилиши бўлди. Бу тизим кадрларимизнинг халқаро тажриба алмашиш кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ташриф доирасида Шанхай педагогика университети ва Шарқий Хитой педагогика университети билан сунъий интеллект ҳамда хитой тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш белгиланди.
Шунингдек, “Ўзбек-Хитой педагогик олий таълим муассасалари” альянсининг ташкил этилиши икки мамлакат таълим тизимларини ўзаро яқинлаштирувчи пойдевор бўлиб хизмат қилади.



