Стратегик ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди
2026-05-06 12:15:00 / Янгиликлар

Самарқандда бўлиб ўтаётган ОТБ Йиллик йиғилиши доирасида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Корея Экспорт-импорт банки (KEXIM) ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Тадбирда Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ва инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шохрух Гуламов, Корея томонидан эса KEXIM раиси ва бош ижрочи директори Хван Ки Ён иштирок этди.
Мазкур ҳужжат энергетика, рақамлаштириш, сунъий интеллект ва "яшил" инфратузилма соҳаларида лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини жорий этишни кўзда тутади.
Келисувни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида томонлар қўшма ишчи гуруҳини тузадилар. Хван Ки Ён банк Ўзбекистон бозорида фаолият юритаётган Корея компанияларини молиявий жиҳатдан фаол қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлигидаги муҳим воқеаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, EDCF жамғармаси кўмагида Корея технологиялари асосида яратилган юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларнинг ишга туширилиши ҳамда "K-Finance" стратегияси доирасида KEXIM ва KOTRA идораларининг бирлаштирилиши қайд этилди. Бу эса кореялик тадбиркорлар учун "ягона дарча" тамойили асосида молиявий ва маркетинг ёрдамини олиш имконини беради.