Ўзбекистон–Озарбайжон аграр ҳамкорлиги янги босқичда
2026-05-06 11:25:00 / Янгиликлар

Учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Вазирлар ўртасида ўтган амалий мулоқот давомида аграр соҳанинг турли йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш, илмий ва инновацион ёндашувларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, бугунги кунда ўтказилаётган халқаро кўргазмага ҳам эътибор қаратилди. Унда дунёнинг 45 та давлатидан 400 дан ортиқ компания иштироки халқаро аграр майдондаги фаоллик ортиб бораётганидан далолат экани таъкидланди.
Озарбайжон томони Ўзбекистон делегацияси ва соҳа вакилларини ушбу платформада кўришдан мамнун эканини билдириб, икки давлат ўртасидаги алоқалар изчил ривожланаётганини қайд этди.
Музокараларда илмий ҳамкорлик, инновацияларни жорий этиш, суғурта тизимини ривожлантириш, рақамлаштириш каби йўналишлар устувор экани таъкидланди. Илмий ҳамжамиятлар ўртасидаги алоқалар ҳам тобора кенгайиб бораётгани билдирилди.
Амалий мисол сифатида янги агро ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари тилга олиниб, тажриба алмашиш икки томон учун ҳам муҳим экани қайд этилди.
Учрашув якунида муҳим ҳужжат имзоланди. Хусусан, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги суғурта жамғармаси ва Озарбайжон аграр суғурта фонди ўртасида ҳамкорлик битими тузилди.
Мазкур битим келгусида суғурта тизимини ривожлантириш, илғор тажрибаларни жорий этиш, ютуқларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш имконини яратади. Томонлар ушбу ҳамкорлик икки давлат учун ҳам манфаатли эканини алоҳида таъкидлади.


