Ўзбекистон-Озарбайжон: қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик
2026-05-05 09:25:00 / Янгиликлар

Ташриф дастурига мувофиқ, вазир Фузулий туманида барпо этилиши режалаштирилаётган Ўзбекистон–Озарбайжон дўстлик боғи ҳамда лойиҳа учун ажратилган 100 гектар майдонда амалга оширилаётган агролойиҳалар билан танишди.
Ташриф давомида вазирга Озарбайжон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Фузулий тумани масъул раҳбарлари ҳамда соҳа мутахассислари ҳамроҳлик қилди.
“Зафар боғлари” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ер майдонларини тайёрлаш ва зарур инфратузилма яратиш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда. Бугунги кунда 83 гектар ер майдони тўлиқ тайёрланган бўлиб, қолган 17 гектарда ишлар давом этмоқда. Режага кўра, жорий йил май ойи охирига қадар барча 100 гектар майдон тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилади.
Лойиҳа доирасида 20 минг куб метр ҳажмдаги сунъий сув ҳавзаси қурилиши ҳам режалаштирилган. Мутахассислар таъкидлашича, суғориш тизими тўлиқ ишга туширилмасдан туриб кўчат экишни бошлаш юқори ҳарорат шароитида ўсимликлар нобуд бўлиш хавфини оширади.
Вазир амалга оширилаётган ишлар билан танишар экан, суғориш ва озиқлантириш жараёнларини илмий асосда ташкил этиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, ҳудудда in-витро лаборатория шароитида етиштирилган кўчатлар ҳам мавжуд бўлиб, улар бошқа ҳудудга кўчирилиб парвариш қилинмоқда ва ҳозирда яхши ривожланиб, ҳосилга кириш босқичига ўтган.
Иброҳим Абдураҳмонов боғнинг айрим қисмида анор кўчатларини экиш бўйича тавсиялар бериб, ушбу ишларни жорий йил октабр ойида бошлаш мақсадга мувофиқ эканини қайд этди.
Бундан ташқари, ҳудудни тўлиқ ўраб олиш ишлари белгиланган режа асосида олиб борилиши ва ушбу жараённи 1,5 ой муддатда якунлаш зарурлиги таъкидланди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги аграр ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, замонавий агротехнологиялар асосида самарали боғдорчилик тизимини шакллантиришга хизмат қилади.

