Корея Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири билан учрашув бўлиб ўтди
2026-05-04 10:05:00 / Янгиликлар

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги иқтисодий-молиявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш ҳамда ўзаро тажриба алмашишни кенгайтириш масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борди. Шунингдек, мулоқот давомида ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамаларда томонлар Корея Республикасининг юқори технологиялар, инновацион саноат тармоқлари ва рақамли бошқарув соҳасидаги илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонда яримўтказгичлар саноатини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик истиқболларига тўхталиб ўтди.
Ушбу йўналиш саноатни модернизация қилиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда замонавий технологик экотизимни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Шу билан бирга, рақамли давлат молиясини бошқариш тизимлари, жумладан, сунъий интеллект технологияларини давлат молиясини бошқариш жараёнларига босқичма-босқич жорий этиш йўналишида ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, бюджет жараёнларини рақамлаштириш, молиявий прогнозлаш, бюджет мониторинги, рискларни баҳолаш ва қарор қабул қилиш жараёнларида замонавий рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда самарадорликни ошириш борасида Корея тажрибасидан фойдаланиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, билимлар ва тажрибалар алмашинуви жараёнларини кенгайтириш ҳамда белгиланган йўналишлар бўйича қўшма ташаббусларни ишлаб чиқишга келишиб олди.
