Туркий инвестиция жамғармаси билан ҳамкорлик
2026-05-04 09:55:00 / Янгиликлар

Музокаралар давомида Жамғарманинг жорий ҳолати, операцион фаолиятини йўлга қўйиш масалалари ва уни институционал жиҳатдан шакллантириш бўйича навбатдаги чоралар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони Туркий инвестиция жамғармасининг амалий иш босқичига ўтишини олқишлаб, ушбу тузилманинг туркий дунёдаги истиқболли инвестиция салоҳиятига эга илк қўшма молиявий институт сифатидаги ўрнини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Жамғарма фаолиятида фаол иштирок этишга, жумладан, саноат, инфратузилма, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва бошқа соҳаларда инвестиция лойиҳалари портфелини шакллантиришга бўлган қизиқиши қайд этилди.
Томонлар халқаро молия институтлари ҳамда хусусий инвесторларнинг биргаликда молиялаштириш механизмларини жалб қилган ҳолда, Ўзбекистон ҳудудида ва Марказий Осиё минтақасида аниқ ташаббусларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Мулоқот якунида томонлар лойиҳалар портфелини шакллантириш ва тизимли техник ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келгуси тадбирларни келишиб олдилар.


