Ўзбекистон ва Хитой ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди
2026-04-29 09:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон энергетика вазири Ж. Мирзамаҳмудов ва Хитой Давлат энергетика бошқармаси раиси Ванг Хунчжи раислигида ўтган учрашувда икки давлатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, йирик энергетика компаниялари вакиллари иштирок этдилар.
Унда икки мамлакат раҳбарларининг стратегик ташаббуслари ва олий даражадаги келишувлари ижроси доирасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик юқори ривожланиш даражасига чиққани алоҳида таъкидланди. Томонлар нефть-газ, электр энергетикаси ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари (QTEM) йўналишларидаги ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашнинг асосий омили эканини қайд этдилар.
Мулоқот давомида углеводородларни қазиб олиш, ер ости газ омборларини қуриш ва магистраль газ қувурларини модернизация қилиш бўйича истиқболли лойиҳаларга эътибор қаратилди. Шунингдек, “яшил” энергетика соҳасида Хитойнинг илғор технологияларини жалб қилган ҳолда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, энергия тизимларини ўзаро боғлаш ҳамда соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида томонлар энергетика объектларини рақамлаштириш, соҳада стандартлаштириш ва замонавий инфратузилмани бошқариш бўйича тажриба алмашинувини давом эттиришга келишиб олдилар. Кичик қўмитанинг навбатдаги йиғилиши Хитой Халқ Республикасида ўтказилиши белгиланди.

