ШҲТ мудофаа вазирлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди
2026-04-28 16:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Шухрат Халмуҳамедов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Қирғиз Репсубликасининг Бишкек шаҳрига борди.
Йиғилиш аввалида делегациялар "Абадий олов" ёдгорлигига гулчамбар қўйиш маросимида иштирок этиб, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Кейинги босқичда Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ШҲТга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари билан учрашув ўтказиб, ташкилот доирасида ҳарбий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма машғулотлар ўтказиш амалиётини кенгайтириш, шунингдек, минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича мувофиқлаштирилган ёндашувларни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-лейтенант Шухрат Халмуҳамедов ҳамда Қирғиз Республикаси мудофаа вазири генерал-майор Руслан Мукамбетов ўртасида икки томонлама музокаралар ҳам бўлиб ўтди. Унда ҳарбий-техник ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тайёргарлик тизимини такомиллаштириш, офицерлар ва мутахассислар ўртасида тажриба алмашишни кучайтириш, шунингдек, минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар самимий ва конструктив руҳда ўтиб, томонлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Бу эса ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштиришга замин яратади.

