Соғлиқни сақлаш вазири бошчилигидаги делегация Афғонистонда
2026-04-28 10:20:00 / Янгиликлар

Афғонистон вазири давлатларимиз ўртасидаги яқин қўшничилик муносабатлари гуманитар йўналишда, хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш учун асос бўлишини таъкидлади.
Бугун Афғонистоннинг аксарият туманларида шифохоналар йўқ. Кейинги йилларда мамлакатда саратон касаллиги аниқланган беморлар нисбатан кўпайган.
Шундан келиб чиқиб, мезбон томони Ўзбекистондан Мозори Шарифда шифохона қуриш, мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш, афғонистонлик беморларнинг юртимизда даволаниши учун тиббий виза бериш тартибларини соддалаштириш, дори воситаларини олиш жараёнларини енгиллаштиришда кўмак бериш имкониятларини кўриб чиқишни сўради.
Балх вилояти губернатори Афғонистоннинг оғир кунларида, айниқса, табиий офат, сел тошқинларида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев афғон халқининг ёнида бўлганини, доимо қўллаб-қувватлаб келаётганини мамнуният билан таъкидлади.
Муҳаммад Юсуф Вафо Ўзбекистон кўмагида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбарининг жорий йил Афғонистонга ташрифини ташкил этиш режалаштирилганини юқори баҳолади.
Озиқ-овқат ва дори воситалари назорати бошқармаси бошлиғи Ҳамидуллоҳ Зоҳид Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган дори воситалари учун бугун Афғонистонда катта бозор мавжудлигини таъкидлар экан, уларни рўйхатдан ўтказиш жараёнини янада осонлаштиришни таклиф қилди.
Мамлакатимиз делегацияси Деҳдади тумани поликлиникаси ҳамда Мозори Шарифдаги Абу Али Ибн Сино номли марказий шифохона фаолияти билан танишди ва ходимлар билан мулоқот ўтказди.
Ташриф давомида қуйидаги келишувларга эришилди:
Афғонистондаги давлат тиббиёт муассасаларига кўмаклашиш имкониятларини ўрганиш ва тегишли таклифлар тайёрлаш учун ҳар иккала вазирлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиш;
қўшни давлат делегациясининг юртимизга ташрифини ташкил этиш;
ҳар йили 100 нафаргача Афғонистон мутахассисларининг республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида малака оширишини йўлга қўйиш;
йилига 50 нафаргача афғон ёшларининг республика тиббиёт олий ўқув юртларида грант асосида таҳсил олиши учун квота ажратиш масаласини кўриб чиқиш;
қўшни давлатдаги оғир беморларнинг юртимизга даволанишга келиши учун тиббий виза бериш жараёнини енгиллаштириш масаласини мутассадди ташкилотлар билан келишиш ва натижасини афғон томонига етказиш;
"Arman Group" компанияси билан ҳамкорликда Мозори Шариф шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида шифохона барпо этиш. Бунда афғон томони лойиҳага инвестиция киритади, мавжуд бинони шифохонага мослаштиради ва илғор тиббий жиҳозларни харид қилади. Ўзбекистон томони муассасани етук мутахассислар билан таъминлайди.
Умуман, ушбу ташриф Ўзбекистон ва Афғонистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлигида янги даврни бошлаб бериши, шубҳасиз.

