Oxford Insights билан ҳамкорлик натижалари муҳокама қилинди
2026-04-24 11:20:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида Ўзбекистоннинг сунъий интеллект (СИ) соҳасидаги ҳамкорлик натижалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Сунъий интеллектга тайёргарлик индексида икки йилда 25 поғонага юқорилагани алоҳида қайд этилди.
Томонлар тақдимот давомида 2024–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик доирасида эришилган асосий натижаларни кўриб чиқдилар. Жумладан, давлат секторида СИ дан фойдаланиш бўйича қўлланмалар, этик тамойиллар, давлат харидлари, маълумот алмашинуви, GovTech Hub ҳамда тартибга солиш йўналишларида стратегик ҳужжатлар ишлаб чиқилгани таъкидланди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг СИ салоҳияти комплекс баҳоланиб, давлат бошқарувида сунъий интеллектни жорий этиш бўйича аниқ тавсиялар ишлаб чиқилгани қайд этилди. Натижада мамлакатнинг СИ инфратузилмаси, давлат секторида жорий этиш даражаси ва барқарорлик кўрсаткичларини янада яхшилаш учун асос яратилди.
Учрашувда ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи — эришилган натижаларни амалиётга жорий этиш ва институтсионаллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Бу босқичда асосий эътибор СИ инфратузилмасини ривожлантириш, давлат секторида технологияларни кенг жорий этиш ҳамда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилиши қайд этилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда Oxford Insights нинг маҳаллий вакилини жалб этиш орқали давлат органлари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Маълумот учун, Oxford Insights — ҳукуматларнинг сунъий интеллектга тайёргарлигини баҳолаш бўйича дунёдаги етакчи ташкилотлардан бири бўлиб, Government AI Readiness Index рейтинги муаллифи ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йўналишдаги ҳамкорлик 2024 йилда бошланган бўлиб, у мамлакатимизда СИ сиёсатини шакллантириш ва рақамли трансформацияни жадаллаштиришга хизмат қилмоқда.

