Рақамли таълим ҳамда АТ-кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик масалалари янада кенгаймоқда
2026-04-23 09:50:00 / Янгиликлар

Музокаралар давомида мавжуд тармоқларни модернизация қилиш, қамровни кенгайтириш, хизматлар барқарорлигини таъминлаш ва фойдаланувчилар учун қулай ҳамда узлуксиз алоқа муҳитини шакллантириш йўналишлари муҳокама қилинди. Шунингдек, ушбу устувор вазифаларни изчил амалга ошириш юзасидан тегишли ёндашувлар белгилаб олинди.
Шу билан бир қаторда, учрашув доирасида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Ucell савдо белгиси остида фаолият юритувчи “COSCOM” МЧЖ ўртасида рақамли таълимни ривожлантириш ва ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлашни қўллаб-қувватлашга қаратилган Англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳамкорлик мамлакатда рақамли технологиялар соҳасида таълим муҳитини тизимли ривожлантириш, замонавий ўқув дастурларини жорий этиш ҳамда ёшларнинг амалий кўникмаларини оширишга қаратилган бўлиб, унда таълим жараёнига илғор ахборот технологияларида ечимларни татбиқ этиш, ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда ёшларни замонавий касбларга йўналтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, ҳамкорлик доирасида таълим ва технология соҳалари ўртасида барқарор экотизимни шакллантириш, халқаро ва миллий лойиҳаларда иштирокни кенгайтириш, хакатонлар, олимпиадалар ва соҳавий форумлар ташкил этиш режалаштирилган.
Учрашувда таъкидланганидек, мазкур ҳамкорлик ёшларнинг АТ соҳасидаги билим ва кўникмаларини ривожлантириш, уларни глобал меҳнат бозорига тайёрлаш ҳамда мамлакатда юқори малакали мутахассислар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.


