МДҲ инновацион саноат форуми: истиқболли ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
2026-04-22 09:55:00 / Янгиликлар

Мазкур форум минтақавий ва халқаро миқёсда саноат, илм-фан ҳамда инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим платформа сифатида ташкил этилди.
Форумни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Илҳом Неъматов очиб берди. Очилиш маросимида сўзга чиққанлар бугунги кунда инновацион ривожланиш жараёнларида давлатлараро ҳамкорликни кучайтириш, илмий салоҳият ва саноат имкониятларини бирлаштириш долзарб аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидладилар.
Форум доирасида ўтказилган “МДҲ инновацион саноати: давлатлараро ҳамкорликнинг янги модели” мавзусидаги панель сессия малакали халқаро экспертлар иштирокида ўтди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов, МДҲ Иқтисодий ривожланиш бизнес маркази бош директори Вадим Ганин, Жаҳон халқлари ассамблеяси Бош кенгаши раиси, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар бўйича кенгаш аъзоси Светлана Смирнова, Татаристон Республикаси саноат кластери ҳамда Россия кластерлари бизнес ассоциацияси бошқаруви раиси Сергей Майоров, Озарбайжон Фан ва олий таълим агентлиги директори ўринбосари Нижат Асадли, шунингдек, “Сколково” жамғармаси департаменти директори Александр Окуневлар спикер сифатида қатнашдилар.
Панель сессия давомида давлатлараро саноат ва инновацион сиёсатнинг устувор йўналишлари, барқарор ҳамкорлик механизмларини шакллантириш, технологиялар трансфери тизимини йўлга қўйиш ҳамда инновацион экотизимни ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Шу билан бирга, сунъий интеллект технологияларини саноатга жорий этиш истиқболлари, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни кучайтириш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман иштирокчилари томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар умумлаштирилиб, МДҲ мамлакатлари ўртасида илмий-технологик занжирларни янада мустаҳкамлаш, инновацион ривожланишни жадаллаштириш ҳамда илм-фан ва саноат интеграциясини амалий босқичга олиб чиқиш мақсадида махсус қўшма ишчи гуруҳ ташкил этишга келишиб олинди. Мазкур ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси инновацион лойиҳалар, илғор технологиялар ва тажрибалар бўйича тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, истиқболли йўналишларда самарали ҳамкорликни таъминлашга қаратилиши белгиланди.
Шунингдек, ушбу келишувлар доирасида МДҲ ҳудудида ягона инновацион маконни шакллантириш, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва юқори технологик саноат тармоқларида ҳамкорликни кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Форум якунида иштирокчилар “Иннопром. Марказий Осиё” кўргазмаси павилёнлари билан яқиндан танишдилар. Қарийб 18 минг квадрат метр майдонни эгаллаган кўргазмада энг замонавий технологиялар ва инновацион ишланмалар намойиш этилмоқда. Миллий стенд доирасида мамлакатимизнинг 400 га яқин етакчи компаниялари, шунингдек, Россия Федерациясининг 16 та ҳудудидан ташриф буюрган делегациялар ҳам фаол қатнашиб, инвеститсиявий ва саноат ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган мулоқотлар олиб бормоқда.

