“Ўзбекистоннинг гендер тенглик бўйича мамлакат профили” лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи мулоқот йиғилиши бўлиб ўтди
2026-04-22 09:25:00 / Янгиликлар

Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Махкамова, "БМТ Аёллар" тузилмасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) вакиллари иштирокида “БМТ-Аёллар” тузилмаси томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг гендер тенглик бўйича мамлакат профили” лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи мулоқот йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, таълим, меҳнат бозори, ижтимоий ҳимоя, медиа ва оилавий муносабатлар соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни халқаро таҳлиллар ва миллий қонунчилик билан уйғун ҳолда акс эттириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, “Ўзбекистоннинг гендер тенглик бўйича мамлакат профили” лойиҳаси бўйича аввал Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларнинг аксарияти инобатга олинган. Натижада лойиҳа ҳужжати қайта таҳрир қилиниб, мазмунан бойитилган ва такомиллаштирилган ҳолда тақдим этилган.
Шу билан бирга, йиғилишда қайта тақдим этилган лойиҳа юзасидан қатор таклифлар билдирилди. Хусусан, лойиҳада амалда бўлган ва ўз кучини йўқотган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга берилган ҳаволаларни ҳуқуқий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, муҳокамада хотин-қизларнинг иқтисодиётдаги иштироки масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ишчи муҳокама давомида лойиҳанинг “Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик”, “Хотин-қизлар ва медиа”, “Қиз болалар: ҳуқуқлар, имкониятлар ва ҳимоя” каби бўлимларидаги айрим ҳолатларни ҳам қайта кўриб чиқиш, уларни миллий қонунчилик, амалдаги давлат сиёсати ва соҳадаги ислоҳотлар мазмунига уйғунлаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Тадбир якунида лойиҳани янада такомиллаштириш, унда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳуқуқий кафолатлар, институционал механизмлар ва амалий натижаларни холис, мувозанатли ҳамда илмий асосланган тарзда акс эттириш муҳимлиги таъкидланди.

