ЖССТ раҳбари Ўзбекистон тиббиётидаги ислоҳотлар натижаларини юқори баҳолади
2026-04-21 14:35:00 / Янгиликлар

Учрашувда қайд этилганидек, Ўзбекистон 1992 йил ЖССTга аъзо бўлган. Ташкилотнинг юртимиздаги ваколатхонаси 1993 йилдан буён фаолият юритиб келяпти.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.
Томонлар мамлакатда тизимни модернизация қилиш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган қатор йўналишларда ҳамкорлик қилиб келяпти.
Хусусан, Ўзбекистонда эпидемиологик назоратни кучайтиришда ЖССТнинг кўмаги катта. Бу, айниқса, коронавирус пандемияси даврида яққол намоён бўлди.
Қолаверса, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, оналар ва болалар саломатлигини яхшилаш, шунингдек, тиббиёт ходимларининг малакасини оширишга қаратилган лойиҳалар амалга ошириляпти.
Шу билан бирга, рақамли тиббиётни жорий этиш, шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш ва бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кучайтиришда ҳамкорликдаги қўшма дастурлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳозирда юртимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССTнинг Европа минтақавий бюроси ўртасида имзоланган 2025–2030 йилларга мўлжалланган беш йиллик ҳамкорлик дастури ижросига киришилган.
Ўз навбатида, “2026–2030 йилларда Марказий Осиёда саломатлик ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш бўйича ишлаб чиқилган "Йўл харитаси” келишиш босқичида.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими барқарорлигини таъминлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини тўлиқ халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишга хизмат қилади.
Учрашувда ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус мамлакатимиз тиббиётидаги трансформация жараёнлари ва ислоҳотларнинг дастлабки амалий натижаларини юқори баҳолади.
Хусусан, аҳолини малакали бирламчи тиббий ёрдам билан қамраб олиш, скрининг дастурлари, профилактик тадбирлар, маҳаллалардаги патронаж хизмати, соҳани рақамлаштириш, айниқса, вазирликдаги "Рақамли соғлиқни сақлаш маркази", кадрлар малакасини ошириш, ихтисослашган хизматни қуйи бўғинга тушириш, шифохоналар бошқарувига илғор хорижий менежментни татбиқ этиш борасидаги мамлакатимиз тажрибаси алоҳида эътироф этилди.
Бинобарин, меҳмон Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлими кўрсаткичининг кескин камайишини қувонарли натижа сифатида таъкидлади. Ўз навбатида, ЖССТ юртимиздаги тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини оширишга қаратилган тренинглар ўтказишга яқиндан кўмаклашишини маълум қилди.
Мулоқотда истиқболдаги ўзаро ҳамкорликка доир яна бошқа масалалар кўриб чиқилиб, қатор йўналишларда муҳим келишувларга эришилди.

