ТИВ раҳбарининг Хитой ташқи ишлар вазири ўринбосари билан учрашуви тўғрисида
2026-04-21 09:45:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Лю Бинни қабул қилди.

Мулоқот давомида томонлар Давлатлар Раҳбарлари ўртасидаги фаол ва ишончли мулоқот Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларининг жадал ривожланишида муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этди.
Шунингдек, икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида бўлиб ўтган сиёсий маслаҳатлашувлар ҳамда Ўзбекистон–Хитой Ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси доирасидаги Хавфсизлик бўйича қуйи қўмитанинг навбатдаги йиғилиши натижалари юқори баҳоланди.
Эришилган барча келишувлар икки ва кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаши таъкидланди.