VEON компаниялар гуруҳи бош директори билан телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
2026-04-20 10:20:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, мобил алоқа тармоқларини кенгайтириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган рақамли хизматлар сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар мамлакатда рақамли хизматларга бўлган талаб ортиб бораётганини инобатга олган ҳолда, замонавий инфратузилмани ривожлантириш, интернет қамровини кенгайтириш ҳамда юқори сифатли алоқа хизматларини таъминлаш бўйича ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, Ўзбекистонда халқаро даражадаги маълумотларни қайта ишлаш марказларини ривожлантириш, тармоқ бошқаруви ва мониторинг тизимларини такомиллаштириш, илғор технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда VEON компаниясининг Ўзбекистон рақамли иқтисодиётини ривожлантиришга йўналтирилган инвестициялари, инновацион ечимларни жорий этиш ҳамда телекоммуникация соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, жорий йил 20–21 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган GSMA М360 Eurasia Mobile World Congress 2026 халқаро тадбирини ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

