Ўзбекистон–Нидерландия симпозиуми: ҳамкорлик янги босқичда
2026-04-14 09:40:00 / Янгиликлар

Имзоланган ҳужжатлар орасида энг муҳимларидан бири — Ўзбекистон–Нидерландия қишлоқ хўжалиги симпозиуми протоколи бўлиб, у келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб, тизимли алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Dutch Greenhouse Delta ҳамда Export Partner ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандум аграр соҳада савдони ривожлантириш, замонавий агротаълим тизимини йўлга қўйиш ҳамда халқаро стажировкаларни ташкил этишни назарда тутади.
Уруғчилик йўналишида Naktuinbouw ва Уруғчилик маркази ўртасидаги меморандум сифат назоратини кучайтириш, замонавий селекция ёндашувларини жорий этиш ҳамда тизимни такомиллаштиришга хизмат қилади.
Илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Тошкент давлат аграр университети, Dutch Greenhouse Delta ва Export Partner ўртасида имзоланган ҳужжат ёш мутахассислар тайёрлаш, амалий кўникмаларни ошириш ва инновацион технологияларни таълим жараёнига жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, Dutch Greenhouse Delta, Export Partner ҳамда Ўзбекистондаги Benelux Савдо Палатаси ўртасидаги келишув инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва янги бозорларни ўзлаштириш учун самарали платформа яратади.
Умуман олганда, имзоланган ҳужжатлар пакети Ўзбекистон ва Нидерландия ўртасидаги аграр ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, инновациялар, таълим ва савдо йўналишларида барқарор ривожланиш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

