Олий таълим ва фан соҳасида янги имкониятлар
2026-04-13 12:05:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Полша ўртасида олий таълим, илм-фан ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар университетлараро алоқаларни кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, илмий тадқиқотлар ва академик алмашинувларни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Илҳом Сирожев ўз сўзида Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги муносабатлар чуқур тарихий илдизларга эга эканини таъкидлаб, бугунги ҳамкорлик ана шу анъаналарнинг замонавий давоми эканини қайд этди. Шунингдек, у мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш, таълим сифати ва инновацион тараққиётни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, Европа мамлакатлари билан ҳамкорлик тажриба алмашиш, илғор ёндашувларни жорий этиш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Полша Республикаси фан ва олий таълим вазири Марсин Куласек эса Ўзбекистон билан академик ҳамкорликни юқори баҳолаб, мазкур конгресс икки минтақа ўртасидаги амалий шерикликни мустаҳкамлаш учун муҳим платформа эканини қайд этди. У Полша университетлари Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари, илмий консорциумлар ва инновацион лойиҳаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди. Шунингдек, у ҳозирги кунда Ўзбекистонлик талабалар сони бўйича Полшада ТОП-10 давлатлар қаторига киришини таъкидлаб, бу келгусида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини қайд этди.
Қўнғиротбой Шарипов ўз нутқида Ўзбекистон ва Полша ўртасида касбий таълим соҳасида ҳам ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, бу йўналиш замонавий меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган малакали кадрлар тайёрлашда ҳал қилувчи омил эканини қайд этди. Шу нуқтаи назардан, у касбий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, дуал таълим элементларини жорий этиш, иш берувчилар иштирокини кенгайтириш, шунингдек, ўқув дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар.


