Arabian Travel Market ATM-2023: Ўзбекистон Дубайдаги халқаро кўргазмада иштирок этмоқда
2023-05-02 09:35:00 / Янгиликлар
2023 йилда Ўзбекистон стендини Маданият ва туризм вазирлиги, “Milliy PR-markazi” ДУК, Ўзбекистон Республикасининг БААдаги элчихонаси билан ҳамкорликда намойиш этади, шу билан бирга, кўргазмада Silk Road Samarkand туристик комплекси, Asia Tour Elite, Rocket Uzbekistan, Sogda Tour туристик компаниялари, Хоразм вилояти сайёҳлик компаниялари ва Ичан қалъа музейи дирекцияси иштирок этмоқда.
Халқаро кўргазма кунларида делегациямиз аъзолари янги сайёҳлик маҳсулотларини намойиш этишади, шунингдек, жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган TXTY-2023 Тошкент халқаро туризм ярмаркасида иштирок этиш учун давлатлар ва йирик ташкилотлардан ҳамкорларни жалб этиш бўйича музокаралар ташкил этишади.
Маълумот учун:
Arabian Travel Market – Яқин Шарқдаги етакчи сайёҳлик кўргазмаларидан бири бўлиб, кўргазмада ҳар йили туризм бозорининг 2800 дан ортиқ маҳсулотлари намойиш этилиб, дунёнинг турли бурчакларидан 39 мингга яқин меҳмонлар ташрифи буюрадилар. Бу йил ҳам кўргазмада Осиё, Европа, Африка, Америка ва Яқин Шарқнинг кўплаб давлатларидан туризм соҳасидаги етакчи мутахассислар иштирок этиши кутилмоқда. Ўзбекистон илк бор 2019 йилнинг апрель-май ойларида Arabian Travel Market халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этган эди. Кўргазмада Ўзбекистон миллий стенди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (ҳозирги Маданият ва туризм вазирлиги), «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси ва мамлакат туристик компаниялари билан биргаликда намойиш этилган эди. 2020 йилда пандемиядан кейин биринчи марта Arabian Travel Market кўргазмаси гибрид форматда бўлиб ўтиб, унда Ўзбекистон кўргазмада алоҳида миллий стенд билан намойиш этилган ягона Марказий Осиё давлати бўлган.